Universitet Ta'lim Ilmiy-innovatsion faoliyat
Xalqaro faoliyat Talabalar hayoti Qabul 2022 SDG
Oʼzbekcha
English Русский
Network error!

МЕРОСХЎРНИНГ МЕРОС МУЛКИНИ ҚАБУЛ ҲАМ ҚИЛМАГАНИ ВА УНДАН ВОЗ ҲАМ КЕЧМАГАНИ ЁКИ ИЖРО ҚИЛИШНИ ИМКОНИЯТИ ЙЎҚЛИГИ ОЛДИНДАН МАЪЛУМ БЎЛГАН СУД ҚАРОРИ ХУСУСИДА

Сарлавҳани ўқиган одам мерос мулкини қабул қилмаслик  ва бир вақтнинг ўзида ундан воз кечмаслик ҳам мумкин эканми, деб  ўйлаб қолади. Ҳа, мумкин. Бу ҳолат мантиқсиз бўлсада бизнинг фуқаролик қонун ҳужжатларимиз бунга йўл қўяди. Континентал, англо-саксон, шунингдек ислом ҳуқуқ тизимига кирувчи бирон-бир мамлакат қонунлари бунга йўл қўймайди. Хўш, бу нима дегани? Бундай механизм яхшими, ёмонми? Нега қонун чиқарувчи бундай йўл тутган? Бундан кимга фойда-ю, кимга зиён? Бу борада шаклланиб бораётган суд амалиёти қандай? Қонуннинг бундай ёзилиши кимга керак бўлди-ю ва бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин? Қуйида шу хусусда сўз боради.

Мерос масалалари қадимда қандай тартибга солинган?

Азал-азалдан барча халқларда вафот этган кишининг мол-мулкини ворислик асосида мерос қолдиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб келган. Бу муносабатлар айниқса ислом динида жудаям мукаммал тартибга солинган бўлиб, унда мерос қолдирувчи ҳаётлик даврида ўзининг вафотидан кейин унга тегишли бўлган мол-мулкни ҳаёт бўлган шахслар томонидан эгаллаш, қабул қилиш, фойдаланиш ёхуд тасарруф қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган аниқ ечимлар берилган. Исломда белгиланган шартлар мавжуд бўлсагина мерос ҳақиқий деб ҳисобланган. Бу шартларга кўра биринчидан, мерос қолдирувчи ўлимининг содир бўлган бўлиши; иккинчидан, мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши ва учинчидан, мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги, яъни насаби аниқ бўлиши талаб этилган. Шариат қоидаларига кўра марҳум қариндошлари узоқ-яқинлиги инобатга олинган ҳолда, яъни тегишли навбат билан улар мерос олишга чақирилганлар ва мерос ё кабул қилинган ёки ундан воз кечилган.

Собиқ Иттифоқ даврида мерос муносабатлари қандай тартибга солинган?

Мамлакатимиз собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврларда жамиятнинг иқтисодий негизини асосан давлат мулки ташкил этганлиги сабабли фуқаролар амалда ҳеч қандай хусусий мулкка эга бўлмаганлар ва шу боис мерос қолдирилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг миқдори жудаям чекланган ёки мол-мулкнинг ўзи мавжуд бўлмаган. Шу сабабли бу борадаги қонун меъёрларининг ўрни бугунги кундагидек аҳамият касб этмаган.

Бугунги кунда мерос муносабатларини мукаммал тартибга солиш нима учун керак ?

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, мулкчиликни барча шакллари тенг ҳуқуқлиги Бош қомусимизда эътироф этилди ва тарихан қисқа вақт мобайнида бозор муносабатларининг ривожланиши ва тадбиркорликка кенг йўл очилиши натижасида фуқароларимиз хусусий мулк эгаларига айландилар ва бу хусусий мулкларни авлоддан-авлодга ўтиши билан боғлиқ муносабатларни такомиллашиб бориши баробарида уларни тартибга солиш янада долзарб масалага айланиб бормоқда.

Меросга оид низоларни кўришда судлар асосан қайси ҳужжатларга таянади?

Хусусий мулкнинг авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш 1997 йил 1-мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси ва тегишли қонунлар билан тартибга солинади. Шу билан бир қаторда ворислик ҳуқуқига оид қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2011 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилинган.

Мерос билан боғлиқ низоларни судсиз ҳал қилиш имкониятлари қандай?

Умуман олганда бир тарафдан қонун-қоидалар қанчалар мукаммал бўлмасин, ҳамма замонларда ҳам ворислар ўртасида  мерос билан боғлиқ турли низоли вазиятлар, зиддиятлар ва ҳаттоки фожиали ҳолатлар содир бўлиб келган ва минг афсуски бундай ҳолатлар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Судлар томонидан  можароли вазиятларнинг олдини олиш, яқин қариндошларнинг бир-бирига душман бўлиб қолмаслиги учун низоларни тинч йўл билан одилона ҳал қилишга қаратилган ҳаракатлари ҳам баъзан натижа берса баъзан натижа бермади. Судья ишда иштирок этувчи шахсларнинг у ёки бунисига “мероснинг  бир қисмини унга бер, бунга берма”, дея олмайди. Аммо бундай танлов мерос талашганларда низоларни ўзаро келишиб, судсиз ҳам ҳал қилиш имконияти ҳамиша мавжуд бўлади. Афсуски буни мерос талашганлар ҳамма вақт ҳам англаб етавермайди.

Низолашувчилар ўзаро келиша олмасалар суд низоларни қандай ҳал қилади?

Низолашувчилар ўзаро келиша олмасалар манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд низони қонунда белгиланган катъий қоидаларга таяниб ҳал қилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда меросга оид низолар асосан фуқароларимизнинг амалдаги қонун талабларини билмасликлари туфайли келиб чиқаётган бўлса, айрим ҳолларда амалдаги қонунларимизнинг такомиллашмаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда, бу ўз навбатида фуқароларимизнинг фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширилишига тўсиқ бўлмоқда, Айниқса бу  мерос мулкини қабул қилиш ёки уни қабул қилишдан воз кечишга оид нормалар такомиллаштиришга муҳтож.

1997 йил 1-мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида мерос мулкини қабул қилиш ёки уни қабул қилишдан воз кечишга оид нормалар  номукаммалми? Нега?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14-сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни билан Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг “Меросни эгаллаш” номли 69-бобининг “меросдан воз кечиш ҳуқуқи” деб номланган 1147-моддаси биринчи қисмига  тегишли ўзгартиш киритилди. Ўзгартиш киритилгунга қадар  меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросдан воз кечишга ҳақли бўлган, киритилган ўзгартишга кўра муддатдан воз кечилди, шундан сўнг меросхўр исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли бўлди. Натижада меросхўрнинг меросни қабул қилмаслиги оқибатида вафот этган марҳумнинг кредиторлари манфаатига путур етишига йўл очилди. Энди меросни қабул қилгандан сўнг марҳумнинг кредиторига бу мулкнинг бир қисмини беришига тўғри келишини  билган меросхўр уни қабул қилмасликка ҳақли бўлди, уни бу мулкни қабул қилишига ундовчи бирон-бир восита, усул қолмади. Ҳатто 2010 йилга қадар амалда бўлган тартибга кўра меросхўр мерос қолдирилган мол-мулкни эгаллашга амалда киришган ё уни тасарруф этган ёхуд ўзининг ана шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун мурожаат этган ҳолларда меросдан воз кечиш ҳуқуқини белгиланган муддат ўтмасиданоқ йўқотган. Бу тартибдан ҳам ўшанда воз кечилди. Алқисса Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-255-сонли Қонуни билан бу модданинг 1-қисмига “Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли”, деган мазмунда ўзгартиш киритилди ва амалдаги модданинг “Меросхўр меросдан воз кечиш учун ўзига берилган муддат ўтганидан кейин бундай ҳуқуқни йўқотади. Агар меросхўр мерос қолдирилган мол-мулкни эгаллашга амалда киришган ёхуд уни тасарруф этган ёхуд ўзининг ана шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш учун мурожаат этган бўлса ҳам, меросдан воз кечиш ҳуқуқини кўрсатилган муддат ўтмасиданоқ йўқотади”, деган мазмундаги 1147-модданинг 5-қисми ҳам чиқариб ташланди.

Бу қандай салбий оқибатларга олиб келганлигини ушбу суд амалиёти орқали тушунтирамиз.

Даъвогар Н. жавобгар Р.га нисбатан уни меросхўр деб топиш ва ундирувни мерос мулкига қаратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариш талаби билан  фуқаролик ишлари бўйича судга 2022 йил февралда мурожаат қилган (тарафлар номлари ва бошқа рақамлар ўзгартирилди)

Даъвогар Н.  судда даъво талабларини қувватлаб, 10.10.2012 йилда нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадонни И.дан  20 000 АҚШ долларига келишиб, 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни сотувчига нақд бериб, қолган 10  000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни 31.12.2012 йилгача бериш шарти билан тилхат асосида сотиб олганлиги, нақд шаклида берган 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларга И.нинг ўғли, яъни унинг ишончли вакили Р. номига 10.10.2012 йилда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 4-мавзе, 1 уй, 1-хонадонни сотиб олишганлигини, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 10.10.2016 йилдаги қарори билан 10.10.2012 йилдаги олди-сотди шартномаси бекор қилинганлиги, суднинг 10.10.2019 йилдаги қарори билан И.дан  унинг фойдасига таъмир ишлари ҳаражатлари учун 130 млн. сўм ундирилганлиги, қарздор И. 2019 йилда вафот этганлиги, унинг меросхўри жавобгар Р. қасддан меросни расмийлаштирмасдан келаётганлиги боис жавобгар Р. ни қарздор И.нинг вафотидан сўнг унинг биринчи навбатдаги меросхўри деб топиб, ундирилиши лозим бўлган 130 млн. сўм пуллар ундирувини мерос мулки бўлган Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадонга қаратишни сўраган ва суд томонидан хонадонни таъмирлаш учун қилинган сарф-ҳаражатларни ундириш ҳақидаги даъво талаблари  қаноатлантирилган ва жавобгар И. дан даъвогар Н.нинг фойдасига 130 млн. сўм миқдорида хонадонни таъмирлаш учун қилган харажатлари ундириб берилган. Ҳал қилув қарори аппеляция ва кассация тартибида кўриб чиқилиб ўз кучига қолдирилган.

Суд ҳужжати билан ундирилган 130 млн. сўм қарздор томонидан тўлиқ қопланмаганлиги, жавобгар меросни қабул қилмай юрганлиги ва ҳуқуқий ворис бўлсада, марҳумнинг қарзини тўлиқ тўлашдан бош тортиб келганлиги сабабли даъвогар Н. даъво ариза билан судга такрор мурожаат қилиб Р.ни меросхўр деб топиш ва ундирувни мерос мулкига қаратиш тўғрисида  қарор чиқариб беришни сўраган.

Меросхўрга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақли эканлигидан келиб чиқиб суд даъвогарнинг даъвосини қаноатлантирган.

Суд аниқланишича, Тошкент шаҳар “Сайқал” қўчаси 100-хонадон марҳум номига давлат рўйхатидан ўтган. У 2019 йилнинг апрелида вафот этган ва унинг  даъвогар олдидаги мажбуриятлари марҳумнинг ўғли Р. га ўтган,  қонун бўйича биринчи навбатдаги бошқа меросхўрлар бўлмаган.

Суд Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасида  ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмаслиги тўғрисидаги қоидага амал қилиб, меросхўрга бошқа бир турар жой  мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлиги, у мазкур хонадонда доимий рўйхатда туришлиги ва истиқомат қилишлигини, низоли бўлган Тошкент шаҳар “Сайқал” кўчаси 100-хонадонда эса  ҳеч ким яшамаслигини ва ушбу мулк унинг ягона уйи(квартираси) ҳисобланмаслигини инобатга олиб, даъвогарнинг ундирувни кўчмас мулкка қаратиш ҳақидаги даъво талабини асосли деб топган.

Ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Р. томонидан  берилган апелляция ва кассация шикоятлари қаноатлантирилмаган.

Ижро қилишни имконияти  йўқлиги олдиндан маълум бўлган суд қарори

Масаланинг қизиқ жойи шундаки, жавобгар Р. кассация шикоятида   мерос мулкини қабул қилмаганлигини, мулк унга фактик ва юридик жиҳатдан ўтмаганлигини, мерос қабул қилингунга қадар марҳумнинг мажбуриятлари бўйича жавоб беришга мажбур эмаслигини, меросни қабул қилиш учун ҳам,  ундан воз кечиш учун ҳам қонунда муддат белгиланмаганлиги боис даъвога эътироз билдирган. Аммо шундай бўлсада суд ундирувни мерос мулкига қаратган.

Гап шундаки, Р. ҳатто ўзининг ворислигини судда тан олган, фақат у меросни қабул қилишни хоҳламаяти, холос. Чунки меросни қачон қабул қилиш-қилмаслик амалдаги қонун бўйича меросхўрнинг ихтиёрида. Агар у  меросни мабода қабул қилса, марҳумнинг қарзини тўлашига тўғри келишини билади, айнан шунинг учун ҳам у меросни қабул қилмаяпти. Буни суд ҳам билиб турибди, ҳатто суд мерос мулкига ундирувни қаратса, мазкур қарорни ижро қилишнинг имконияти мавжуд эмаслигини ҳам билади, аммо шундай бўлсада даъвони қаноатлантирган. Қизиқ Р.ни қарздор, деб ҳисоблаш учун у ундирув қаратилаётган мерос мол-мулкини қабул қилиб, унинг эгаси бўлишлиги талаб этилмайдими? Қолаверса суд қарори қонуний, асослантирилган ва адолатли  бўлиши керак эмасми? Фикримизча юқоридаги суд қарори асослантирилган ва адолатли чиқарилган, лекин уни қонуний деб бўлмайди. Чунки қабул қилинмаган мерос мулкига ундирувни қаратиш қандай тўғри бўлиши мумкин. Майли, судни ҳам тушунса бўлади, балки суд “ҳалол” тарафни ҳимоя қилмаётган қонуннинг “хато”сини тузатишга ҳаракат қилгандир. Тўғрида, бундай ҳолатда суд адолатли қарор қабул қилмоқчи бўлса у ноқонуний бўлиб қолади, аксинча қонуний қарор қабул қилмоқчи бўлса  адолатсиз бўлиб қолади. Суд биринчисини танлаган, шекилли. Бу мунозарани узоқ давом эттириш мумкин. Келингки, юқоридаги ҳолатда бугунга қадар ҳам меросхўр мерос мулкини қабул қилмаган бўлиши мумкин, керак бўлса қабул қилмайди ҳам, чунки у бу билан  қонунни бузаётгани йўқ, қонуннинг ўзи “бузуқ” соатга ўхшаб қолган. Фикримизча, токи қонунда меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш учун муддат белгиланмас экан, марҳумнинг кредиторлари ва бошқа манфаатдор шахслар ўз ҳақларини меросхўрдан ололмай сарсон бўлиб юраверадилар.

Бу масалада хорижий тажриба қандай?

Дунё мамлакатлари қонунчилиги ё Германия, ё Франция модулларидан бирига асосланади.

Германия (немис) қонунчилиги бўйича меросдан воз кечиш қонунда белгиланган муддатда амалга оширилиши керак. Агар бу муддатда меросдан воз кечилмаса, мерос ўз-ўзидан меросхўр томонидан қабул қилинган ҳисобланади. Немис қонунчилиги бўйича меросхўрга ворислик ҳуқуқи вужудга келганлигини  ёки васиятнома мавжудлиги тўғрисида у билган ва билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб ундан воз кечиш учун 6 ҳафта, агар шахс мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлса 6 ой муддат берилган (Германия Фуқаролик Уложенияси 1944 &). Германияда меросни қабул қилишдан воз кечиш судга мурожаат қилиш йўли билан ҳал этилади. Германия қонунчилиги бўйича белгиланган муддатда мерос ё қабул қилинади, ё уни қабул қилиш рад этилиши лозим.

Франция модули бўйича эса меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш мерос очилган вақтдан бошлаб 4 ой ичида расмийлаштирилиши керак. Белгиланган муддатда мерос қабул қилинмаса ва на ундан воз кечилмаса вафот этган шахснинг кредиторлари, бошқа меросхўрлар ва тегишли давлат органлари меросхўрдан унинг тегишли қарорга келишини суд орқали талаб қилишга ҳақли ҳисобланадилар. Нима учун айнан шундай тартиб ўрнатилган?, — деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, вафот этган шахснинг кредиторлари ва бошқа меросхўрларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига йўл қўймасликдир. Меросхўр меросни қабул қилар экан вафот эган шахснинг кредиторлари талабларини қаноатлантириши  ёки меросдан воз кечиб мол-мулкни “осилиб” туришига барҳам бериши лозим бўлади.

Фуқаролик Кодексидан ўшанда муддатлар нега олиб ташланган?

Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилинганда даврда мен депутат эдим. Муҳокама жараёнида  бир гуруҳ депутатлар таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг қабул қилиниши ворислик ҳуқуқи меъёрлари моҳиятини ўзгариб кетишига ва бу ҳолат охир-оқибат бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилишига олиб келишлишини айтиб, лойиҳага қарши овоз беришга чақирдик. Афсуски, қонун кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Чунки овоз берилгунга қадар ўша даврдаги Адлия вазирлиги мутахассислари тушуниб-тушунмай “нотариатлар сейфлари мерос папкалари билан  тўлиб кетганлиги, агар меросдан воз кечиш муддати олиб ташланса ҳеч ким ундан воз кечолмайди, мерос мулклари тезда ўз эгаларини топади”, деган жўн қарашлари билан депутатларни “ишонтириб” улгуришган, қолаверса, ўшандаёқ “чўмилтирилган чақалоқ тоғорадаги сув билан биргаликда улоқтириб бўлинган” эди.

Муддатни белгиланмаганлиги нимага олиб келади.

Меросни қабул қилиш ёхуд ундан воз кечиш муддатининг қонунчиликда белгиланмаганлиги фуқаролик-ҳуқуқий муносабати иштирокчилари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда ворислик ҳуқуқи институтига жиддий путур етказади. Буни юқоридаги каби ўнлаб суд ва нотариат амалиёти мисоллаида яққол кўриш мумкин. Муддатларни олиб ташланганлиги қарздорга яхши, кредиторга ёмон.

Нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 9-моддасида фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан қонуний ҳаракат қилишлари назарда тутилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонунчилик ташаббусига эга бўлган субъектлар ўз ваколатлари доирасида бу хатони тузатиш мақсадида тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб Қонунчилик палатасига зудлик билан киритишлари, бу орқали мерос мулкини қабул қилиш ёки ундан воз кечиш муддатларини қатъий белгилаш лозим бўлади, акс ҳолда ҳуқуқ ўзининг муносабатларни уйғунлаштиришдек муҳим функциясини бажара олмайди.

Илҳом НАСРИЕВ,

Судьялар олий мактаби

Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси

мудири, юридик фанлар доктори,

профессор